Ер майдонлари савдосида фирибгарликлар давом этмоқда
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хонқа туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.А. фуқаро М.Ш.нинг ишончига кириб, унга Боғот тумани “Ашхобод” МФЙ ҳудудидаги бошқа фуқарога тегишли 5 сотих ер майдонини 10 000 АҚШ доллари эвазига расмийлаштириб олиб беришини айтиб, 9 000 АҚШ доллари ва 11 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар беряпти.
«Шу каби, Департаментнинг Наманган шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.И. фуқаро Ж.Х.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятига қарашли 30 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб олиб бериши эвазига 9 000 АҚШ доллари ва 40 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», – дейилади хабарда.
Департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, Қибрай тумани “Обод” МФЙ хотин-қизлар фаоли Ш.Х. фуқаро И.Б.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ўзи ишлаётган маҳалладаги 3 сотих захирадаги ер майдонини унинг номига расмийлаштириб олиб бериши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар