Андижон ва Қашқадарёда ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар қўлга тушди

Фото: видеодан фото кўчирма

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги чорвачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари ушбу МЧЖга чорва моллари учун озуқа экини етиштириш мақсадида, узоқ муддатга ижара асосида берилган 2,5 гектар ер майдонини ҳамда унинг укаси ўзи раҳбарлик қилаётган пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг 17,5 гектар ер майдонини, жами 20 гектар ер майдонини ўзаро тил бириктириб, 225 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланган.

«Андижон шаҳрида ака-укалар “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонасининг Андижон шаҳар филиали собиқ ходими ҳамда риэлторлик хизмати кўрсатувчи МЧЖ раҳбари билан ўзаро тил бириктиради ва шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 33 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали ўзганинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 52 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Аммо, улар сўралган пул маблағини МЧЖ раҳбарининг хонасида олган вақтларида  қўлга тушди», – дейилади хабарда.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи шахс ўзини гўёки туман кадастр бўлими ходими дея таништириб, Кўкдала туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига киради ва бошқа бир фуқарога тегишли бўлган 40 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари ва 98 млн. 800 минг сўм олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.