Ўзбекистонда истеъмолчилар электр энергияси ва газ учун эски тариф бўйича олдиндан тўлов қилиб қўйиши мумкин
1 майга қадар шахсий ҳисоб рақамига пул тўлдириб қўйган истеъмолчиларга 2 ой мобайнида эски тариф қоидалари амал қилади. Бу ҳақда 20 апрель куни Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими марказлари (АСКУE ҳамда АСКУГ)га ташкил қилинган пресс-турда маълум қилинди.
Аввал хабар берилганидек, 1 майдан бошлаб аҳоли истеъмолчилари мамлакатимиз тарихида биринчи марта энергоресурслар учун ижтимоий норма асосида табақалаштирилган тартибда ҳақ тўлай бошлашади ва буни “ақлли” ҳисоблагичлар амалга оширади.
Пресс-турда иштирокчиларни “Бугун шахсий ҳисоб рақамига пул тўлаб қўйган истеъмолчи 1 майдан эътиборан тўловни автоматик равишда электр энергияси учун 450 сўмдан, табиий газ учун эса 650 сўмдан қиладими ёки эски тариф бўйича – 295 сўм ҳамда 380 сўмдан тўлайдими?” деган савол кўпроқ қизиқтирди.
Мутахассисларнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январь куни имзоланган 22-сонли қарори асосида қабул қилинган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 116-бандида белгиланган “Маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди” ҳамда юқоридаги қарор асосида қабул қилинган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 102-бандида кўзда тутилган “Тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади”, деган қоидаларга биноан, 1 майга қадар тўлов қилган ҳақдор абонентларга 2 ой муддат мобайнида эски тариф қоидалари амал қилади, деб жавоб бердилар.
Масалан, сиз электр энергияси учун 30 апрель санасида 1 миллион 100 минг сўм тўлаб қўйсангиз ва май ойида 1 000 кВт·соат электр энергияси ёқсангиз, сизнинг шахсий ҳисоб рақамингиздан 200 кВт·соат учун 59 минг сўм (295 сўмдан), 800 кВт·соат учун эса 472 минг сўм (590 сўмдан), жами 531 минг сўм ечиб олинади. Июнь ойида худди шу тартиб давом этади.
1 июль ҳолатига 38 минг сўм пул билан ўтасиз ҳамда шу кундан эътиборан 1 кВт·соат учун сиздан 450 сўм ечиб олина бошлайди.
Аммо қарздор ёки май ойининг бошидаёқ шахсий ҳисоб рақамида маблағи тугаб, янги тўловни амалга оширишга мажбур бўлган абонентлар учун тариф ўзгаради ҳамда улар янги тўлов билан тегишли равишда 450/650 – 1000/1500 сўмдан ҳақ тўлашни бошлайдилар.
Шу билан бирга, пресс-турда “АСКУЭ” ва “АСКУГ” тизимларининг самараси, электр энергияси, табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминотини рақамлаштириш жараёнлари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида йўлга қўйилган юмушлар, истеъмолчилар учун яратилган қулайликлар ва соҳадаги бошқа янгиликлар борасида маълумотлар берилди.
Шарҳлар