Етим болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга моддий ёрдам тўланади
Давлат раҳбари имзолаган қарорга кўра “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилади.
Давлат раҳбари имзолаган қарорга кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, уларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олаётган ва тарбия қилаётган оилаларни моддий, ҳуқуқий ва психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш мақсадида:
– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ота-оналарининг яқин қариндошларига ушбу болаларни навбатсиз фарзандликка ёки оилага тарбияга (патронатга) олиш ҳуқуқи берилади;
– 2021 йил 1 сентябрдан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг ташаббуси билан, етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка ва ҳомийликка олган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларга ушбу болалар 18 ёшга тўлгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида моддий ёрдам пули тўлаш амалиёти жорий этилади;
2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
– ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади;
– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади, бунда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди. Халқ таълими вазирлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиши ҳолати ҳақидаги ҳар ойда янгиланадиган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари)дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилади. Бунда, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг асослантирилган мурожаати асосида маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойнинг умумий майдонини кенгайтириш ва мазкур бандда назарда тутилган талабларни сақлаб қолиш шарти билан сотишга рухсат берилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнида қуйидагилар тақиқланади: етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун алоҳида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва бу ерда уларнинг барчасини жойлаштириш; етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ётоқхоналардан уй-жойлар ажратиш (харид қилиш).
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси 2021/2022 ўқув йилида SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчиларига, шунингдек, йигирма беш ёшгача бўлган васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга ушбу бандда назарда тутилган қўшимча квоталардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.
Конунчиликка асосан у́з уйимда оилавий болалар уйлари ташкил килишим мумкинми?