ЕТТБ Фарғона водийсида насос станцияларини модернизация қилишга қарийб 200 млн доллар кредит ажаратади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиёнинг энг зич жойлашган минтақаси бўлган Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ерларни суғориш ишларининг самарадорлигини оширишга ёрдам беради. ЕТТБ маблағлари, асосан, глобал исиш оқибатида эриган музликлардан тушаётган сувлардан ҳосил бўлувчи Сирдарёнинг чучук сувларнинг тўпланишига бевосита боғлиқ бўлган Ўзбекистоннинг учта вилоятида зарурий муҳандислик ишларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Ўзбекистон Республикасига берилаётган ЕТТБнинг 199,96 миллион АҚШ долларигача бўлган мазкур суверен кредити собиқ Совет даврида Фарғона водийсининг Ўзбекистон ҳудудида қурилган 118 та эскирган насос стансияларини модернизация қилишга ёрдам беради. У замонавий, энергия жиҳатдан самарадор насос агрегатларини сотиб олиш ва ўрнатиш, шунингдек, тегишли инфратузилмани қайта қуриш учун сарфланади.
Мазкур лойиҳа суғориладиган деҳқончиликка боғлиқ бўлган ва йил давомида ёғингарчилик миқдори кам бўлган бу ҳудуд учун ўта муҳим суғоришга мўлжалланган сувни минтақавий ташиш тизимининг самарадорлигини оширади. Эски сув насосларини замонавий ускуналар билан алмаштириш сув сарфини яхшироқ назорат қилиш ва йўқотишларни камайтириш имконини беради. Бу кўзда тутилган модернизация атроф-муҳитга бевосита ижобий таъсир кўрсатиши, йиллик электр энергияси истеъмолини 277 000 МВт/соатга қисқартириши ва йиллик CО2 чиқиндиларини 129 000 тоннага камайтириши кутилмоқда.
“ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Харгитаи шундай дейди: “ЕТТБда биз одамларнинг турмушини яхши томонга ўзгартиришга кўмаклашамиз. Бундай яшил лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали биз ушбу ҳудуд учун муҳим бўлган сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширибгина қолмай, суғориладиган ер майдонини қарийб 32 000 гектарга оширишга ҳам ёрдам берамиз, бу эса, Ўзбекистоннинг аҳолиси энг зич бўлган вилоятларида тахминан 19 000 иш ўрини яратиши мумкин».
Мамлакатнинг Париж битими бўйича мажбуриятларига мос равишда, Ўзбекистон “Сув хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш концепцияси” каби бир қатор стратегияларни қабул қилиш орқали сувдан барқарор фойдаланиш бўйича стратегик мақсадларни ишлаб чиқди.
Бугунги кунга қадар, ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 121 та лойиҳа орқали 3,71 миллиард евро сармоя киритган.
Шарҳлар