ЕТТБ президенти Ўзбекистонга ташриф буюради
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль Рено-Бассо 2024 йилнинг 1-3 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, юқори мартабали ҳукумат вакиллари ва хорижий инвесторлар билан учрашади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати Anhor.uz нашрига маълум қилди.
ЕТТБ президенти уч кунлик дастури доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади, шунингдек, Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
ЕТТБ президенти хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисига ҳам раислик қилади. У Тошкент халқаро инвестиция форумининг учинчи ялпи мажлисида ҳам сўзга чиқади.
Ушбу воқеалар контекстида Одиль Рено-Бассо Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнларининг аҳамияти, ортиб бораётган сув ва иссиқлик таъсирида мамлакатнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш, ислоҳотлар орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш зарурлигига тўхталиб ўтади. Унда давлат-хусусий шериклик, ҳудудлараро ҳамкорлик ва энергетика хавфсизлиги масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Унинг ташрифи давомида банк барқарор транспорт алоқаларини ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қанча лойиҳаларни имзолашни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон кетма-кет тўртинчи йил Марказий Осиёда ЕТТБ молиялаштиришини олиш бўйича етакчи ҳисобланмоқда. Бугунги кунга қадар Банк бутун мамлакат бўйлаб 151 та лойиҳага тахминан 4,42 миллиард евро сармоя киритган, бу маблағнинг асосий қисми хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Шарҳлар