ЕТТБ собиқ уран қазиб олиш объектларида рекультивация ишларини бажаришга 9 млн евро ажратмоқда
Ўзбекистонда собиқ уран қазиб олиш объектларини рекультивация қилиш ишлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EТТБ) томонидан бошқариладиган Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) орқали 9 миллион евро миқдоридаги грант маблағлари билан молиялаштирилмоқда. Бу ЭРҲ доирасида реабилитация фаолияти амалга оширилаётган минтақадаги иккинчи мамлакат ҳисобланади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЕТТБ матбуот хизмат маълум қилди.
Грант маблағлари аниқланган конларни ёпиш, уран рудасини қайта ишлаш учун фойдаланилган ташландиқ объектларни бузиш ҳамда Янгиобод ва Чоркесар конларида рекултивация ишларини амалга оширишга йўналтирилади.
Биринчи объект мамлакат пойтахти Тошкентдан 75 километр шарқда жойлашган. Янгиобод шаҳри атрофидаги тоғли ерларда 7 та кон мавжуд. Маҳаллий аҳоли ўртасида Ўзбек Алп тоғлари деб номланувчи бу ҳудуд рекултивация ишлари амалга оширилганидан сўнг, экологик хавфсиз ҳудудга айланади. Бу кўплаб сайёҳларни жалб қилишга, меҳмондўстлик ва умумий овқатланиш саноатини ривожлантиришга имкон беради ҳамда маҳаллий уй хўжаликларини қўллаб-қувватлайди.
«Чоркесар-2» кони участкаси Фарғона водийсида Тошкент шаҳридан 140 км шарқда ва Наманган шаҳридан 60 км ғарбда жойлашган. Тахминан 25 гектарлик зарарланган майдонда 5 та аввал рекултивация қилинган отваллар ва иккита ташландиқ шахта мавжуд. Объектдаги мавжуд сув каналлари эскирган.
ЭРҲ ҳозирда Марказий Осиёдаги еттита устувор объектдан бештасини таъмирлаш учун маблағ ажратди (улардан 3 таси Қирғизистон Республикасида, 2 таси Ўзбекистонда ва қолган 2 таси Тожикистонда). Собиқ уран конларида мажбурий рекултивация ва бузиш ишлари билан бир қаторда, ЭРҲ томонидан қўллаб-қувватланадиган фаолиятлар, шунингдек, 15 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Фарғона водийсидаги дарёлар тизимига заҳарли моддаларнинг тарқалишининг олдини олишга ҳам ёрдам беради.
ЭРҲ жамғармаси Европа Иттифоқининг ташаббуси билан 2015 йилда ташкил этилган. У Марказий Осиёда уран қазиб олиш оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланади. Европа Иттифоқи ЭРҲнинг энг йирик донори ҳисобланади, айни пайтда ЭРҲ жамғармаси Бельгия, Литва, Норвегия, Испания, Швейцария ва Америка Қўшма Штатларидан ҳам бадаллар олган.
Шарҳлар