Етти ёшли қизчага нисбатан уятсиз ҳаракатларни содир этган фуқаро ҳибсга олинди
Nemolchi.uz лойиҳаси 7 июнь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида етти ёшли қизга нисбатан зўравонлик факти ҳақида маълумот берди. Унга кўра, ўрта ёшли эркак подъездга қизчанинг орқасидан кириб келган.
У қизчага мушти билан таҳдид қилиб, уни подъезднинг қарама-қарши эшиги олдига олиб бориб, ўпа бошлаган, қўллари билан интим жойларига тегинган ва бошқа уятсиз ҳаракатларни содир этган. Бу ҳаракатлар жараёнида у ўзини-ўзи қониқтирган.
Эркакни қизчанинг дугонаси қўрқитиб юборган. Жабрланувчининг ота-онаси зудлик билан ички ишлар органлари ва прокуратурага мурожаат қилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида 1968 йилда туғилган X.A. ушланган ва ҳибсга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбурлаб қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Шарҳлар