Евроиттифоқ мамлакатлари Россиянинг музлатилган активларидан тушган фойдани Украинага бериш режасини келишиб олди
Евроиттифоқ мамлакатлари Россиянинг музлатилган активларидан олинган фойдани махсус жамғармага йўналтириш, ундаги маблағларни эса кейинчалик Украинани қайта тиклашга сарфлаш режасини келишиб олди, деб ёзади Financial Times.
Қарор Евроиттифоқ доимий вакиллари учрашувида бир овоздан қабул қилинди, яқин ҳафталар ичида у расмийлаштирилади.
Келишувга кўра, Euroclear депозитарийсининг музлатилган активларни инвестициялашдан тушган фойдаси алоҳида қайд этилади ва акциядорларга тўлаб берилмайди. Кейинчалик у Евроиттифоқнинг Украинани манзилли қўллаб-қувватлаш учун махсус фондига берилади — бу ҳақдаги қарор ҳам Евроиттифоқнинг барча мамлакатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиши керак.
Битим лойиҳасида таъкидланишича, бундай механизм “шартномавий мажбуриятларга, шунингдек, Евроиттифоқ ҳуқуқи ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ келади”.
Евроиттифоқ маъмурияти Россия Марказий банки музлатилган активларидан фойдаланиш имкониятини камида 2022 йил кузидан буён муҳокама қилмоқда. Бундай муҳокамалар бир неча ой давом этганидан кейин махсус ишчи гуруҳ активларнинг ўзини мусодара қилиш юридик жиҳатдан имконсиз деган хулосага келди, шундан сўнг улардан олинган фойдани Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатишнинг қонуний йўлларини қидиришга қарор қилинди.
АҚШда ҳозир Россиянинг музлатилган маблағларини мусодара қилиш имконини берувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. 24 январь куни уни сенатнинг халқаро алоқалар бўйича қўмитаси маъқуллади; энди у конгрессда умумий овоз беришга қўйилади.
Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Россия ҳукумати Ғарб томонидан музлатилган активларнинг мусодара қилинишига тайёрланмоқда ва судда бу қарорга қарши чиқмоқчи.
Шарҳлар