Европа Иттифоқи Украинага 35 миллиард евро миқдорида кредит беради

Европа парламенти Европа Иттифоқининг Украинага 35 миллиард евро миқдорида кредит ажратишни маъқуллади, уни тўлаш учун музлатилган Россия активларидан тушган маблағ ишлатилади», -деб хабар беради ТАCC

Бу қарор учун 518 нафар европалик депутат овоз берди, 56 нафари қарши чиқди, 61 нафар парламентарий эса бетараф қолди.

Еврокомиссия баёнотида айтилишича, Киевга кредит “Россия Марказий банкининг Европа Иттифоқи ҳудудида жойлашган музлатилган активларидан келадиган келажакдаги даромадлар” эвазига берилган. Маблағлар 2025-йил охиригача ажратилади.

“Ушбу овоз бериш орқали биз Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатаётганимиз ва Россия тажовузкор давлат сифатида тўлаши кераклиги ва тўлаши ҳақида кучли сигнал берамиз”, деди Европарламент раҳбари Роберта Меццола.

Бу кредит Г7 давлатларининг Украинага 50 миллиард долларгача (тахминан 45 миллиард евро) молиявий ёрдам кўрсатиш ташаббусининг бир қисмидир.

ЕИ қарз берадиган якуний миқдор Г7 мамлакатлари ҳиссасига қараб камроқ бўлиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.