Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Ўзбекистонга ташриф буюради
Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский 5-6 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Ташрифдан мақсад Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини муҳокама қилишдан иборат.
Ташриф давомида Комиссар Войцеховский “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари” халқаро форумида нутқ сўзлайди. Шунингдек, у Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Комиссар Войцеховскийнинг ташрифи Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва бутун минтақа билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини таъкидлайди. Учрашувларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо истиқболлари ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қўшма ташаббуслар муҳокама қилинади.
Шарҳлар