Европарламент Ўзбекистон бўйича резолюция қабул қилди
3 октябрь куни Европа парламенти аъзолари Европарламентнинг Ташқи ишлар қўмитаси томонидан тайёрланган Ўзбекистон бўйича йирик ҳисоботни муҳокама қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.
Европарламент қўмитаси ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, сифатли давлат бошқаруви, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларга ҳурмат нуқтаи назаридан мамлакатда реал ютуқларга эришишни мақсад қилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида режалаштирилган улкан ислоҳотларни эътироф этди.
Ҳисоботда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар олқишланади ва расмий органларни Тошкентда бўлиб ўтган коррупцияга қарши кураш бўйича иккинчи халқаро форум хулосаларини инобатга олган ҳолда бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақиради.
Қўмита ислоҳотлар дастурига диний эътиқод эркинлиги ва матбуот эркинлиги кафолатларини, жумладан, эркин ва очиқ оммавий ахборот воситалари ҳамда интернетдан фойдаланишни таъминлашни тавсия қилади; конституциявий ислоҳотлар қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ислоҳотларни мустаҳкам ҳуқуқий асос билан таъминлаш имконияти эканини таъкидлади.
Қўмита 30 апрель куни бўлиб ўтган ва янги Конституцияни тасдиқлаган конституциявий референдум натижаларини эътиборга олди.
У ҳукуматни демократия ва қонун устуворлиги тамойилларига амал қилишга чақирди ва «Ўзбекистонни демократлаштириш жараёнини тезлаштириш кераклигини» таъкидлади.
Ҳукуматга ЕХҲТ/ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияларининг кузатувлари ва хулосаларини ҳисобга олиш тавсия этилади. Гап сиёсий партияларни рўйхатга олишни тартибга солувчи қонунчилик ва маъмурий талабларни қайта кўриб чиқиш, давлат ва партиялар ўртасида аниқ ажратиш, шунингдек, маъмурий ресурсларни суиистеъмол қилганлик учун самарали жазо чораларини жорий этиш ҳақида бормоқда.
Қўмита Ўзбекистонни «бўлажак сайловларда барча демократик номзодларнинг иштирокини таъминлаш ва чинакам плюралистик сиёсий муҳит яратиш учун» сайлов қонунчилигини ислоҳ қилишни давом эттиришга чақирди.
Халқаро савдо қўмитаси Халқаро ишлар қўмитасини резолюцияга қуйидаги таклифларни киритишга чақирди:
- ҳукуматни болалар меҳнати тўғрисидаги маълумотларни барча манфаатдор томонлар учун шаффофроқ қилишга ҳамда мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ва эксплуатацияси масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишга рухсат беришга чақириш;
- шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, шунингдек, пахта секторидаги барча тармоқларга тараққиёт ютуқларини олиб кириш учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтирувчи ҳамда салмоқли институтларни яратувчи кенгроқ ислоҳотларни амалга оширишга чақириш;
- Ўзбекистон ҳозирги геосиёсий вазиятда ҳукуматнинг Россияга иқтисодий ва савдо қарамлигини бартараф этишга уриниши ва европалик ҳамкорлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани билан боғлиқ қийинчиликларни қайд этади;
- Ўзбекистон Россияга Европа Иттифоқининг савдо санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бериши мумкинлиги хавфига эътибор қаратади, вазиятни диққат билан кузатишга чақиради;
- Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган ва жуда ижобий натижалар берадиган GSP+ умумий имтиёзлар тизимига аъзолиги муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди;
- ва бошқа таклифлар.
Шарҳлар