Евросиё патент ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди
Адлия вазири ўринбосари М.Икрамов бошчилигидаги делегация 9–17 июль кунлари бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига аъзо давлатлар Бош ассамблеяси йиғилишининг 65-сессияси доирасида Адлия вазирлиги ва Евросиё патент ташкилоти (ЙПТ) ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Евросиё патент ташкилоти минтақавий ташкилот бўлиб, ЙПТ 1995 йил 12 августда ташкил этилган ва ихтиро ва саноат намуналари соҳасида ихтисослашган ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунга қадар 8 та давлат, хусусан, Россия Федерацияси, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон ва Туркманистон ушбу ташкилотнинг аъзосидир.
ЙПТ патентлар бўйича талабномаларни экспертизадан ўтказади ва ЙПТга аъзо бўлган барча давлатларда бир хил кучга эга бўладиган ихтиро ҳамда саноат намуналари учун патентларни тақдим этади.
Икки томонлама ҳамкорлик бўйича англашув меморандумида томонлар қатор йўналишларда, жумладан, экспертиза жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш бўйича тажриба алмашиш, интеллектуал мулк соҳасида кадрларни тайёрлаш, интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш бўйича ваколатлари доирасида ҳамкорлик қилади.
Мазкур меморандумни имзоланиши икки томонлама ўзаро мустаҳкам ва мутаносиб алоқаларнинг ўрнатилиши, саноат мулки соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли тажриба алмашиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Шарҳлар