Ўзбекистонда мукофотланадиган халқаро ва минтақавий фан олимпиадалари сони 28 тага оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тақдимотда иқтидорли ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда бу борада тайёргарлик ва рағбат тизими анча ўзгарди. 2022 йилда ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 45 та медаль олган бўлса, бу йил 113 тага етди. Аслида дунёга чиқа оладиган билимли ёшларимиз янада кўп.
Уларни пухта тайёрлаб, натижадорликни ошириш учун халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини 5-8-синфлардан бошлаб саралаб олиш йўлга қўйилади. Ҳар бир фан бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсияларва қўлланмалар такомиллаштирилиб, ўқувчи ва мураббийларга етказилади. Терма жамоаларга чет эллик мутахассислар жалб қилинади, хорижий жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади.
Бугунги кунда 22 та халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Энди мукофотланадиган олимпиадалар сони 28 тага оширилади. Республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ҳамда совғалар даромад солиғидан озод этилади.
Давлатимиз раҳбари таклифларни янада синчиклаб ўрганиб, ҳар томонлама такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шарҳлар