Фаоллар гуруҳи Швейцария ҳукуматини Takilant компаниясига 70 миллион долларни қайтариш ҳақидаги қароридан воз кечишга чақирмоқда
Бир гуруҳ ўзбек фаоллари ва сиёсий муҳожирлар Швейцария ҳукуматини Гулнора Каримованинг Takilant компаниясига жиноий келиб чиқиши аниқланмаган қарийб 70 миллион долларлик музлатилган активларини қайтариш қароридан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.
“Аслида Ўзбекистон халқидан ўғирланган пуллар Каримованинг жиноий гуруҳига, уни ўғирлаганларга, шунингдек, ушбу ўғирликда иштирок этганларга қайтарилмоқда. Бу ўғирлик факти аллақачон кўплаб кўрсатувлар, бошқа юрисдикция органларининг қарорлари ва журналистик текширувлар, шунингдек, ушбу коррупция ҳолатлари туфайли Гулнора Каримованинг Магнитский санкциялари рўйхатига киритилгани билан исботланган”, — дейилади фаолларнинг очиқ хатида.
Мактуб Бош прокуратура, Швейцария Адлия ва ташқи ишлар вазирлиги, АҚШ Адлия вазирлиги, Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги ва Буюк Британиянинг жиддий фирибгарлик билан курашиш бўйича идораси ҳамда Гибралтар тартибга солиш идорасига йўлланган.
“Швейцария одил суди коррупцияга қарши курашда заифлик кўрсатгани, аслида ўз қарори билан Ўзбекистонда коррупция жараёнларини рағбатлантириш, офшор ва Ғарб банкларидаги жиноий активларни легаллаштиришга ҳисса қўшгани чуқур таассуф келтириб чиқаради. Бундай қарор бутун дунё бўйлаб клептократлар учун хавфли прецедентни, уларнинг жазосиз қолишига ишончини яратади”, деб ҳисоблайди имзоловчилар.
Улар Швейцария Бош прокурорининг Федерал Жиноят Суди ҳукмига эътироз билдириш ҳақидаги қарорини олқишладилар, аммо “Суднинг нотўғри қарори Швейцария адлияси томонидан тузатилишига тўлиқ ишончимиз йўқлиги сабабли, биз АҚШ Адлия вазирлигига мурожаат қиламиз. 2016 йил февраль ойида Швейцариянинг Ломбард Одье банки орқали Takilantт томонидан ювилган 550 миллион долларни мусодара қилиш бўйича фуқаролик даъвоси билан мурожаат қилган. Умид қиламизки, Адлия вазирлиги ўз қарорини ҳурмат қилиб, ноҳақ натижага йўл қўймайди ва айтилган 70 миллион долларнинг Takilantтга қайтарилишига тўсқинлик қилади”, -дея қўшимча қилдилар.
Мурожаат муаллифлари Буюк Британия ва Гибралтар ҳукуматини Takilant компаниясига қарши тергов бошлашга ва ушбу компания ва унинг ортида турган шахсларнинг асоссиз бойиб кетишининг олдини олишга чақирган.
“Шунингдек, Швейцария адлияси музлатилган қолган 306 миллион доллар тақдирига ойдинлик киритишига умид қиламиз”, — дея қўшимча қилишди мактубни имзоловчилар.
Уларнинг орасида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Форуми директори Умида Ниёзова, сиёсатшунослар Алишер Илҳомов ва Алишер Таксанов, фотожурналист Тимур Карпов, фуқаро фаоллари Фарида Шарифуллина, Дилмира Матёқубова, Азимбой Отаниязов ва Мурат Уббиниёзов, журналистлар Шохида Тўлаганова, Қудрат Бобожон ва Улуғбек Ашур бор.
Швейцария Федерал жиноий суди Гулнора Каримовага қарши жиноий иш бўйича музлатиб қўйилган маблағлардан 70 миллион долларга яқин маблағни Takilantтга қайтариш тўғрисида қарор чиқаргани ўтган йилнинг декабрь ойида хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги зудлик билан Takilant активларини қайтариб олишнинг иложи йўқлигини, чунки АҚШ расмийлари уларни ҳибсга олиш учун судга даъво ва ордер юборганини маълум қилди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ва Швейцария Каримова ва унинг шерикларининг Ўзбекистонга қайтарилган мол-мулки келиб тушадиган БМТнинг Кўп томонлама траст фондини тузишга келишиб олди. Келгусида бу маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга, жумладан, қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш ва бошқаларга йўналтирилади.
Шарҳлар