Фарғона вилоятида бир киши қалбаки ароқдан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмди
Фарғона вилоятида бир неча киши қалбаки ароқдан заҳарланган, бир киши эса ҳаётдан кўз юмган. 5 сентябрь куни Қўштепа ва Олтиариқ туманларида заҳарланиш билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилган, беш киши касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар беради.
Текширув натижасида, Қўштепа туманида яшовчи A.Д. ва унинг шериклари бутилкаларга «Актау» ва «Каратау» савдо белгисини ёпиштириб, уй шароитида ароқ тайёрлаб сотган. Улар суррогат маҳсулотни бир ресторан ва бир оилавий корхонага сотган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни сотиш ёки сотиш мақсадида ишлаб чиқариш) ва 186-1-моддалари (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки уларнинг муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондор A.Д. процессуал тартибда қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шарҳлар