Фарғонада Хитой автобусларини йиғиш режалаштирилмоқда
Фарғона вилоятида Хитойнинг Dongfeng русумли автобусларини, шунингдек, электромобиллар учун зарядлаш қурилмалари ва қуёш батареяларини йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Хитойнинг Dongfeng Motor, Luoyang Grasen Power Technology ва Tunghsu Group каби йирик компаниялари вакилларидан иборат инвесторлар делегацияси билан музокаралари чоғида маълум бўлди, деб ёзади Podrobno.uz.
Хусусан, йиғилишда Dongfeng Motor (Хитойнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси) томонидан таклиф этилган Dongfeng электр автобусларини ишлаб чиқариш лойиҳаси, шунингдек, Luoyang Grasen Power Technology компаниясининг электромобиллар учун зарядлаш қурилмалари ва Tunghsu Group компаниясининг қуёш панелларини ишлаб чиқариш ташаббуслари ҳам муҳокама қилинди.
Dongfeng Motor компанияси 4 гектар майдонда завод қурилишининг биринчи босқичига 45 миллион доллар сармоя киритишни таклиф қилмоқда. Автобус йиғишни бошлаш ишлари 2025 йилга мўлжалланган. Яна 50 миллион доллар сармоя киритиладиган иккинчи босқичда электробусларнинг аккумуляторлари ва бошқа бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, ҳудудларда техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш режалаштирилган.
Хитойнинг электромобиллар учун зарядлаш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи энг йирик Luoyang Grasen Power Technology компанияси ўз лойиҳасига 30 миллион доллар сармоя киритмоқда, Tunghsu Group эса қуёш панеллари ишлаб чиқаришга 50 миллион доллар сармоя киритмоқда.
Лойиҳаларнинг ҳаммасини Фарғона вилоятининг Фурқат туманида йўлга қўйиш режалаштирилган. Томонлар таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирларнинг йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шарҳлар