Фарғонада катта миқдордаги пиротехникалар қўлга олинди

Фото: Фарғона Божхонаси

Божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сақланиши ва айланишига тизимли равишда тезкор тадбирлар ўтказиш орқали қарши кураш олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

“Бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари пиротехника воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши ва сақланишига қарши бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилди. Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида “Дамас” русумли автотранспорт воситасида четдан ноқонуний олиб кирилаётган ҳамда фуқаронинг Қува туманидаги хонадонида сақланаётган дастлабки қиймати 141 миллион сўмлик 7 турдаги жами 408 минг дона пиротехника воситалари борлиги аниқланиб ашёвий далил тариқасида олинган”, – дейилади хабарда.

Вилоятнинг Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси тумандаги яшаш хонадонларидан бирига кириб хонадондаги товарларни юклаб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида тўхтатилиб, хонадон ва транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автотранспорт воситаси ҳамда хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва четдан ноқонуний олиб кирилган умумий қиймати 95 миллион сўмлик 4 турдаги жами 180 минг дона пиротехника воситалари ашёвий далил тариқасида олинган.

Шунингдек, Фарғона туманидаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу хонадонда да ҳам хорижда ишлаб чиқарилган ва четдан ноқонуний олиб кирилган умумий қиймати 28 миллион сўмлик 3 турдаги жами 74 дона пиротехника воситалари сақланаётганлиги аниқланган.

“Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий қиймати 264 миллион сўмлик 14 турдаги 588 минг донадан зиёд пиротехника воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши ҳамда сақланишига чек қўйилди”, – дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.