Фарғонада саноатга катта туртки берадиган лойиҳалар кўпайтирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Фарғонада саноатга катта туртки берадиган лойиҳалар кўпайтирилади. Энергетика, нефт-газ ва кимё соҳаларида 2 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган.

Куни кеча Бешариқда 500 мегаваттли, Ўзбекистон туманида 180 мегаваттли фотоэлектр станцияларини қуриш ишларига старт берилди.

Тошлоқда 120 миллион долларлик флоат ойнаси, Ўзбекистон туманида 80 миллион долларлик 20 турдаги қурилиш материаллари корхонаси, Қувасойда 65 миллион долларлик керамо-гранит лойиҳасини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Қувасойда электромобилни зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш корхонасини жорий йилда ишга тушириш, Риштонда йилига 17 минг тонна биологик парчаланадиган нотўқима мато ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Сўнгги уч йилда вилоятдаги 110 минг аҳолига деҳқончилик қилиш учун 25,5 минг гектар ер берилган. Ушбу ерларда 3 марта ҳосил олиш бўйича Фарғона тажрибасини яратиш топширилди.

Келгуси йили вилоятдаги барча пахта майдонларида Шинжон-Уйғур тажрибаси асосида пахтани кўчатлаб экиш технологияси жорий қилинади, замонавий уруғчилик корхонаси ташкил этилади.

Шунингдек, 15 та туманда 500 гектардан ерда боғлар ташкил қилиниб, 50 сотихдан 30 минг аҳолига бўлиб берилади, вилоятдаги 8 минг гектар самарасиз боғлар янгиланади.

Фарғона туманида саноат усулида Италия ва Польшанинг серҳосил малина навлари экилади. Қўштепа ва Ёзёвонда 1 минг гектардан юқори ҳосилдор бодом, шафтоли, гилос ва олхўри боғлари ташкил қилинади.

Вилоятдаги йирик боғбонларнинг ерида 50-100 тонналик музлаткичли омбор ташкил қилиш таклифи қўллаб-қувватланди. Буни ҳисобига уларни экспорт салоҳияти 2 карра ошади, йўқотишлар 25 фоизга қисқаради, 4 мингта янги иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон, Риштон, Бешариқ, Боғдод туманларида жорий йилда ҳар бири 10 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш топширилди.

Вилоят боғбон-тадбиркорларининг мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларига хорижий валютада олинган кредитларнинг 6 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Шунингдек, Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг оғирини енгил қилиш учун ер солиғи ярмига камайтирилса, адолатдан бўлиши таъкидланди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.