Фарғоналик блогер ишчиларнинг газ ўчирилишига қарши намойишини ёритгани учун 21 млн сўмга жаримага тортилди
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Жиноят ишлари бўйича суди блогер Олимжон Ҳайдаровни Albus заводида газ ўчирилишига қарши чиққан завод ишчиларининг норозилик намойиши акс этган видеони эълон қилгани учун 21 миллион сўм жаримага тортди. Бу ҳақда «Медиазона» Олий суд матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Суд Ҳайдаровни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг икки моддаси — митинглар ўтказиш тартибини бузганлик ва жамоат тартибига таҳдид солувчи ёлғон маълумотларни тарқатганлик ҳақидаги моддалари бўйича айбдор деб топди.
Қайд этилишича, моддалардан бирига кўра, блоггер 15 суткага маъмурий қамоққа олиш ёки 60 дан 80 гача БҲМ миқдорида жаримага, бошқасига кўра – 50 дан 100 гача БҲМ миқдорида жаримага тортилиши мумкин бўлган. Натижада суд томонидан 70 БҲМ миқдорида жарима солинган, бу эса ҳозирда 21 миллион сўмни ташкил этади.
Қайд этамиз, Albus гипс-цемент заводи ишчилари заводнинг газ таъминотини тиклашни талаб қилаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда 6 декабрь куни пайдо бўлган. Бундан ташқари, аниқлик киритилишича, 29 ноябрь куни газ маҳаллий ҳокимликнинг ёқилғини тураржой биноларига йўналтириш тўғрисидаги қарори билан тўхтаб қолган, натижада корхонада 10 мингга яқин одам ишсиз қолган.
Шарҳлар