Фарғонада дарахт кесган фуқаро 450 млн тулайдиган бўлди

Фото: bobvila.com

Фарғона вилояти Экология бошқармаси Марғилон шаҳар бўлимига шаҳар болалар шифохонаси ҳудудида дарахтлар кесилаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган ва у ўрганилганида шифохона ҳудудида техник ходим М.И. томонидан бир туп ўрмон фондига кирмайдиган кўп йиллик сасна дарахти ҳеч қандай рухсатномасиз кесилганлиги аниқланган.

18-март куни шаҳар экология бўлими давлат инспекторлари томонидан дарахтларни кесмаслик тўғрисида огоҳлантириш хати берилганлигига қарамасдан, ходим бунга амал қилмаган.

Хабарга кўра, «дарахт кесилиши натижасида табиатга 36 миллион 500 минг сўм зарар етказилган ҳамда ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 25 баравари — 8 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима белгиланган. М. И. қилмиши учун жами 45 миллион сўм тўлайдиган бўлган».

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 28-августдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 464-сон қарорига асосан ҳуқуқбузарга 100 туп дарахт кўчатини компенсация тарзида экиш ҳамда уларни камида 3 йил парвариш қилиш мажбурияти юклатилган.

Аввал ҳам Намангандаги шифохонада дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.