Фарғонада 3000 дан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалар қўлга олинди
3400 донага яқин кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кирмоқчи бўлган ҳайдовчилар ушланди, деб ёзмоқда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Ўзбекистон” чегара божхона пости ва Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан пост орқали қўшни давлатдан мамлакатимизга кириб келган юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона ва чегара назоратидан ўтказилди. Юк автотранспорт воситасида ҳужжатларда чорва моллари борлиги қайд этилган бўлсада, автотранспорт воситасининг ён бўлмасида қутиларда ҳужжатларда кўрсатилмаган ва божхона назоратидан яширилган товарлар мавжудлиги аниқланиб кўздан кечирилди. Натижада, қутиларда хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган жами 1393 дона “тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
«Яна бир шунга ўхшаш ҳолатда бошқарманинг “Риштон” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчи томонидан автотранспорт воситасида декларацияланмаган ва божхона назоратидан яширилган товарлар мавжуд эмаслиги маълум қилинганидан сўнг божхона ва чегара назоратидан ўтказилди. Натижада, автотранспорт воситасининг олд капоти ичидаги хуфия қисмига 199 конвалютада жами 1993 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширинча олиб ўтилаётганлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Ўтказилган божхона кўриклари натижасида 2 турдаги жами 3400 донага яқин кучли таъсир қилувчи дори воситаларини четдан ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Ушбу дори воситаларининг “қора бозор”даги нархи 585 млн. сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар