«Фарғонада бола ўғрилари аниқлангани» тўғрисидаги хабар юзасидан расмий муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқларда «Фарғона вилояти ҳудудида бола ўғрилари аниқлангани» тўғрисидаги турли хабарлар юзасидан Фарғона ИИБ расмий муносабат билдирди.
Хабарга кўра, ушбу хабарлар асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ. 2024 йилнинг 14 май куни Қўқон шаҳар Ободюрт кўчасида яшовчи вояга етмаган М.М. ушбу маҳаллада турар жойга эга бўлган қўшниси М.А.га тегишли уйнинг девор ва ойнасига тош отиб синдирган. Буни кўрган М.А. вояга етмаган шахсни қўрқитиб қўйиш мақсадида ўзига тегишли бўлган “Нексия 2” русумли автомашинасининг юкхонасига солиб автомашинани ҳаракатлантирган пайтда М.М.нинг онаси В.Т. кўчага чиқиб, машинани тўхтатиб, фарзандини машинадан тушириб олган ҳамда ўртада ўзаро жанжал келиб чиққан.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.А.га нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли суд органига юбориш чораси кўрилган.
Шарҳлар