Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев “Док-1 Макс” ишида қўйилган айбловларни тан олмаслигини билдирди

Фото: видеодан фотокўчирма

“Док-1 Макс” иши бўйича давом этаётган суд жараёнида Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариевга берилган якуний нутқда у ўзига қўйилган айбловларга иқрор эмаслигини билдирган. Кариев сироп атрофидаги ишлар унинг номини сотган ҳолда қилинганини таъкидлаб, судядан ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

“Док-1 Макс” иши бўйича 2024 йил 19 феврал куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг нутқи тингланган. Суд мажлисида қатнашган Kun.uz нашри унинг нутқини видео тарзида эълон қилган.

“Адвокатларим томонидан музокара давомида келтирилган важ ва далилларнинг барчасига қўшиламан. Тергов томонидан менга қўйилган айбларнинг бирортасига ҳам мен айбдор эмасман, деб ўйлайман. Менга қўйилган айбловлардан бирортасида жиноий қасд бўлмаганини таъкидлаб ўтаман. Тергов ёки суд давомида мен ўзимнинг кўрсатмаларимни ўзгартирмадим. Менга қарши кўрсатма бераётган одамларнинг барчаси ўзининг кўрсатмасини ё ўзгартирди, ё бошқача важлар билан тўлдирди. Бу, албатта, уларнинг менга қарши бераётган кўрсатмасида ҳаққонийлик йўқлигидан далолат. Дастлабки тергов ҳужжатлари ва пушаймонлик хатлари билан танишиб, шунга амин бўлдимки, нима қилинган бўлса менинг номимни сотиб, ортимдан қилинган. Бу ҳужжатлар билан сиз ҳам танишгансиз, албатта. Менга асосий қўйилаётган айблардан бири бу инспекциядан ечилиш бўйича гўёки мен топшириқ берган эканман. Бу нарса бўлмаган ва бунақа топшириқ бермаганман”, – дея таъкидлаган Фармагентликнинг собиқ раҳбари Кариев.

Сардор Кариев буларни ҳисобга олган ҳолда суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни ҳам сўраган.

«Аввалги суд мажлисида Кариевнинг адвокатлари нутқи тингланганди. Улар терговда Кариевга қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмаганини айтган», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.