ССВ фармацевтик фаолият билан шуғилланувчиларни огоҳлантирмоқда

6 феврал куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин B6” номли қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилганлиги аниқланганди.

Ушбу хабар юзасидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, қуйидагиларни маълум қилмоқда.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига, шунингдек дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари этиб белгиланган. “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти” тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига (https://lex.uz/docs/2856464) мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади”, – дейилади хабарда.

Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келишини эслатиб ўтамиз.

“Юқоридагиларга асосан, мазкур лицензия талаблари ва шартларини бузган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар) барча ташкилотларни фаолият учун берилган лицензияси бекор қилиниб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирамиз”, – дейилади ССВ матбуот хизмати хабарда!

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.