Фаттоҳ Шодиевнинг жиянидан Алмата яқинида 960 гектар ер олиб қўйилди
Муқаддам судланган Орифжон Шодиевнинг қарзларини қайтариш борасидаги воқеа давом этмоқда.
Алмата вилоятининг Или туманида тадбиркор Орифжон Шодиевга тегишли бўлган 960 гектар ер Миллий банкка қайтарилди, дея хабар беради Алмата прокуратураси.
Или тумани суди шаҳар прокуратурасининг тегишли даъвосини қаноатлантирди. Айбланувчи томони ушбу қарорга шикоят келтирди, аммо апелляция инстанцияси уни ўзгаришсиз қолдирди.
“Суд ҳужжатлари ва суд ҳукмлари таҳлили асосида қарздор – судланувчи Шодиевнинг мол-мулки чиқарилгани аниқланди. У тугатилган Capital Bank Kazakhstan ва AsiaCreditBank’нинг ягона акциядори эди. Айбланувчининг қарзи 15 миллиард тенгедан ошган. Ерни харид қилиш-сотиш шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво Миллий банк манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилган”, — дейилади назорат органида.
2023 йил июлида Шодиев AsiaCreditBank’нинг тугатиш комиссиясига 16,7 миллиард тенге миқдорида зарар етказгани учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Судда аниқланишича, тадбиркор ва унинг ёрдамчиси банкнинг оғир молиявий аҳволидан хабардор бўлиб, гаровнинг бозор қийматини асоссиз равишда ошириб юборган.
Маҳкумлар ҳукм устидан шикоят қилишган ва август ойида уларнинг жазоси пробацион назорат билан озодликни чеклашга алмаштирилган.
Бундан ташқари, 2021 йилда Алмата шаҳри Науризбай туман суди Шодиевдан Миллий банк фойдасига деярли 16 миллиард тенге ундирганди. Кейин Шодиев Capital Bank Kazakhstan барқарорлаштириш қарзи бўйича кафил сифатида чиққани маълум бўлди. Ўтган йилнинг апрель ойида Миллий банк ўша пайтда тадбиркор қарз ҳисобига атиги 1,8 миллиард тенге тўлаганини маълум қилганди.
Шарҳлар