Фатво маркази: «Олтин ва кумушни озиқ-овқат сифатида истеъмол қилиш ҳалол эмас»

Фото: ok-magazine.ru

Ижтимоий тармоқларда олтинни шўрва, кабоб ёки пиццага қўшиб тайёрлашни кўрсатувчи видеороликлар пайдо бўлиб, улар жамоатчилик орасида катта мунозараларни келтириб чиқарди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво маркази ушбу ҳолатга изоҳ бериб, исломда олтиннинг ўзини ёки уни озиқ-овқатга қўшиб истеъмол қилиш нотўғри деб ҳисобланади, дея маълум қилди. Бу ҳақда Uznews.uz нашри ёзади.

Қайд этилишича, олтин ва кумуш аслда нақд пул ва аёллар зеб-зийнати сифатида яратилган. Улардан таом  тайёрлашга йўл қўйилмайди. Бу шариат ва инсоний одатларга зиддир, чунки ҳеч қайси миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни озиқ-овқат сифатида қабул қилмаган.

«Ал-Бақара» сурасининг 35-оятида айтилишича, ўз мақсадига кўра яратилмаган нарсани ейиш – ёмонликдир. Шунинг учун олтин ёки кумушни ейиш ёмонлик ҳисобланади», деб ёзади Фатво маркази.

Шунингдек олтин ва кумуш идишлардан овқатланиш ва ичиш тавсия этилмаслиги ҳам таъкидланган. Олимларнинг фикрича, олтин ва кумуш идишлардан овқатланиш ва ичиш такаббурлик вa ғурурга олиб келади ҳамда камбағал одамларнинг қалбини эзади. Бу эса ўз навбатида одам қалбидан Аллоҳга бўйсунишни йўқотишга олиб келади.

«Албатта, айрим шифокорлар, эҳтимол даволаш мақсадида оз миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия этган бўлишлари мумкин. Бу «ҳаром билан даволаш» мавзусининг алоҳида қисми бўлиб, бошқа дори йўқлиги зарур бўлган ҳолларда рўй беради. Лекин одатий ҳолларда олтин ва кумушни озиқ-овқат сифатида истеъмол қилиш ҳалол ҳисобланмайди», деб изоҳ беради Фатво маркази.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.