Шаҳар фаввораларида чўмилиш мумкинми?

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси шаҳар фаввораларида чўмилиш юзасидан маълумот тақдим этди.

«Шаҳар марказида чиройли фаввора мавжуд. У тозаланади, ювилади ва тоза ичимлик суви қуйилади. Бу сув бир неча ҳафта давомида ёпиқ циклда айланади. Ҳеч қандай хавф йўқдек туюлади. Лекин фавворанинг тоза бўлиб туюлишини бутунлай инкор этадиган битта ҳолат мавжуд – у очиқ осмон остида. Барча тирик мавжудотлар ва шамол учун очиқдир. Масалан, фаввора устидан бир қуш учиб ўтди ва у ахлатини сувга туширди. Қарабсизки, сувда гельминт личинкалари кўпайишни бошлайди.

Шунингдек, яқин атрофда югуриб юрган кучукча сув ичди ва чўмилиб олди, яна гельминт тухумлари қўшилди. Шу сабабли фаввораларда чўмилган одам турли ичак ва тери касалликларини юқтириб олиши мумкин.

Фавворалар суви бассейнлар суви каби зарарсизлантирилмайди. Яна бир жиҳати, чўмилаётган одам фавворанинг силлиқ тубида сирпаниб йиқилиб тушиши мумкин. Сувнинг тубида эса қаттиқ шикаст етказиши мумкин бўлган ўткир, қиррали мосламалар жойлашган бўлади.

Шундай қилиб, фавворалар шаҳар кўркига кўрк қўшиш ва салқинлик бериш учун қурилган меъморий ва декоратив элемент бўлиб, улар суви ичиш ёки чўмилиш учун мўлжалланмаган, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.