Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низомхўжаевни фахрий унвон билан тақдирлади
Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда миллий сайлов тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Зайниддин Низомхўжаевга ушбу юксак унвон ва кўкрак нишонини топширди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор З.Низомхўжаев узоқ йиллар қатор масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилган. У 2014 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.
Шарҳлар