Фермер ва унинг шериклари 21 туп қайрағочларни кесиб, сотиб юборди
Сайхунободлик фермер дала майдонида ўсиб турган 21 туп қайрағочларни кки нафар ишчиси ёрдамида кесиб, сотиб юборди.
Хабарга кўра, фермер ва унинг шериклари ўсимликлар дунёсига 1 миллиард 459 миллион 149 минг сўм зарар етказган. Бу маблағ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг 4-иловасига асосан ҳисобланиб, мутахассислар томонидан асослаб берилган.
Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судида суд раиси Фазлиддин Сувонқулов томонидан кўриб чиқилди. Фермер ва унинг шерикларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, Ўсимликлар дунёсига етказилган зарар тегишлича тартибда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлиги Сирдарё вилоят бошқармаси фойдасига ундирилиши мазкур суд томонидан белгиланди.
Шарҳлар