Фермерлар бир ҳудуд доирасида исталган кластер билан фьючерс шартномаларини тузиши мумкин

Фермеры на поле
Фото: Мукимжон Кодиров / УзА

Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бу соҳадаги долзарб масала – айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилган. 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва фермерлар олдида қарздорлиги бор. 6 та кластернинг ишлаб чиқариш қуввати йўқ бўлса-да, уларга имтиёзли кредит берилган.

Шундан келиб чиқиб, кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.

Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.

Кластерлар эса етиштирилган пахтани сотиб олиш ва терим учун маблағ бериш орқали молиялаштирилади. Чуқур қайта ишлашга ҳам алоҳида маблағлар ажратилади.

Мутасаддиларга кластер ва фермер хўжаликларини молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш, улар ўртасидаги дебитор-кредитор қарздорликни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Кластерларни халқаро молия стандартларига ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.