Туристик ҳудудларда гастрономик фестиваллар ўтказилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент туризм салоҳиятини тўлиқ очиб берувчи глобал тарғибот кампаниясини йўлга қўйиш вақти келганини айтди. Бунда телевидение ва онлайн платформалар билан бирга ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга 1 октябрга қадар “миллий туризм бренди” тўғрисида контент яратиш учун танлов ўтказиб, халқаро платформаларда тарғиботни йўлга қўйиш топширилди. Бу мақсадларга жорий йилда 5 миллион доллар маблағ ажратилади.

Хабарга кўра, «аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган камида 50 нафар чет эллик блогерлар учун инфо-турлар ташкил қилиниши белгиланган».

Шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрида, кейинги йилда Хивада Халқаро гастрономик фестиваллар ўтказиш, 300 турдан зиёд таомларга эга миллий ошхонамизни бутун дунёга тарғиб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга электрон виза тизимини янада такомиллаштириб, мобиль иловани ҳам ишга тушириш топширилди.

Умуман, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари жорий йилда 11 миллион хорижий сайёҳни олиб келиш ва туризм экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш учун масъул ва жавобгар бўлиши белгиланди.

Сўнг давлат раҳбари соҳа вакиллари ва тадбиркорлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди. Жумладан, мулоқотда:

  • туризм хизматлари кўрсатувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;
  • туроператорларни маданий мерос объектлари ва темир йўл чипталари нархларидаги ўзгаришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш;
  • меҳмонхона бошқарувчиларини тайёрлаш ва меҳмонхона қуришга субсидиялар доирасини кенгайтириш;
  • пенсия ёшидаги туристларга алоҳида виза тартибини жорий этиш;
  • тарихий шахсларнинг уй-музейларини реставрация қилиш каби масалалар кўтарилди, таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.