ФҲДЁ органида қайд этмасдан диний никоҳ маросимини ўтказиш бекор қилинмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қилди. Ўзгартиришлар никоҳи қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаган шахсларнинг никоҳга кириш диний маросими ўтказилгани учун жавобгарлик белгилашни назарда тутади, дея хабар беради Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати.
Йиғилишда республикада диний маросимлар бўйича ўқиладиган никоҳлар сони ортиб бораётгани, бунинг натижасида кўп хотинлилик ҳолатлари кўпайиб бораётгани таъкидланди. Турли реклама, кўнгилочар ва таҳлилий материаллар орқали кўп хотинлилик ва унинг «афзалликлари» тарғиботи ҳам кучаймоқда.
Натижада никоҳсиз туғилаётган болалар сони ҳам кўпайган. Хусусан, республикада 2022 йилда ёлғиз оналарнинг аризаларига кўра 18 минг 955 нафар бола дунёга келгани ыайд этилган. 2021 йилда бу кўрсаткич 19 037 нафар, 2020 йилда эса 16 564 нафар болани ташкил этган.
“Никоҳни ФҲДЁ органларида белгиланган тартибда қайд этиш ҳолатининг йўқлиги оталикни белгилаш, алимент тайинлаш, мерос олиш билан боғлиқ турли муаммоларни келтириб чиқармоқда, натижада фуқаролар, айниқса, аёлларнинг ҳуқуқлар ҳимоясининг кафили бўлган давлатга бўлган ишончи йўқолмоқда”, — дея қайд этади депутатлар.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида икки ёки ундан ортиқ хотин билан бирга яшашга ёрдам берганлик, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Шарҳлар