FIDIC амалиёти ва ҳужжатларининг 1- ва 2-модули бўйича биринчи босқичда 300 нафар ходимни ўқитиш режалаштирилган
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълум қилди.
2025 йил 1 январдан янгидан бошланадиган йўл-қурилиш объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан хусусий сектор томонидан амалга оширилиши юзасидан тегишли тартиб ўрнатиш топшириғи берилган эди.
Шунингдек, мазкур тартибни амалга оширишни ташкил этиш мақсадида маҳаллий муҳандис-консультантлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ҳамда уларни “FIDIC” сертификатлари билан таъминлаш чораларини кўриш белгилаб қўйилди.
«Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Маҳаллий аҳамиятдаги минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасидаги иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг таркибий тузилмалари ҳамда Транспорт назорати инспекциясининг ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув курс (тренинг)лар ташкил қилинди», – дейилади хабарда.
Тренинглар 30 кишидан иборат жами 10 та гуруҳда ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда 5 та гуруҳ — жами 150 нафар ходим учун ўқув курслари ўтказилди ва тегишли “FIDIC” сертификатлари билан таъминланди.
Қолган 5 та гуруҳ учун жорий йилнинг октябрь ойи якунига қадар тренинглар ташкил қилиш режалаштирилган.
Шарҳлар