ФИФА “Humo Арена”дан ва Ўзбекистондаги футзал бўйича жаҳон чемпионати ташкиллаштирилишидан мамнун
Кеча Тошкентда футзал бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Турнир якунида ФИФА вакиллари тадбир ташкиллаштирилишини юқори баҳоладилар.
ФИФА турнирлари директори Хайме Ярза чемпионат Марказий Осиёда ўтказилган ФИФАнинг биринчи турнири бўлганини таъкидлади. «Ўзбекистондаги футзал бўйича жаҳон чемпионати – бу нафақат жаҳон миқёсидаги ҳаяжонли спорт тадбири, балки жамоалар ва мухлислар учун кўп нарса таклиф этаётган бу ажойиб мамлакат учун муҳим тадбирдир», – деди Ярза EU Today Европа нашрига берган интервьюсида.
ФИФА нинг футзал ва пляж футболини ривожлантириш бўйича директори Касра Хагиги ҳам Humo Аренанинг ажойиб инфратузилма имкониятларини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ҳамкорлар ва шериклар ажойиб иш бажаришган.
«Бу Марказий Осиёдаги ФИФАнинг биринчи турнири эди ва биз ишонч билан айта оламизки, у муваффақиятли ўтди. Объектлар, ажойиб кўнгиллилар, транспорт, жойлаштириш, машғулот майдончалари – барчаси энг юқори даражада ташкил этилган эди. Фойдаланиш нуқтаи назаридан биз янги дўстларимизни фақат мақтай оламиз», – деди Хагиги.
Humo Аренага келсак, ФИФА вакилларида биринчи ташрифданоқ бу майдон барча талабларга жавоб бериши борасида ҳеч қандай шубҳа туғилмаган.
«Бу ФИФА футзал бўйича жаҳон чемпионати финалини ўтказиш учун мутлақо мос келадиган ажойиб зал. Муҳит ва акустика ажойиб эди. Якшанба кунги финалда трибуналар тўлиқ тўлганини таъкидлаш ёқимли», – дея қўшимча қилди у.
ФИФА да Марказий Осиёда ўтказилган бу миқёсдаги биринчи турнирнинг ғайриоддий муваффақиятини таъкидлашмоқда. Ўйинларда жами 120 000 дан ортиқ мухлис иштирок этган, бу футзал учун жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади.
«Биз Ўзбекистондаги мезбонларимизга бу ҳаяжонли тадбирни ташкил этишда ёрдам берганликлари ва ажойиб мерос яратганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз Ўзбекистонни тарк этишимиз оғир, лекин бу ерга яна қайтиш умиди катта», – дея якунлади Хагиги.
Шарҳлар