Финляндияликлар дунёдаги энг бахтли одамлар ҳисобланади
Финляндия кетма-кет еттинчи йил “дунёдаги энг бахтли мамлакат” деб тан олинди. Бу ҳақда DW хабар беради.
«Бахт тўғрисида глобал ҳисобот» (The World Happiness Report) деб номланган социологик тадқиқот натижалари ҳар йили 20 март, Халқаро бахт кунида эълон қилинади. Тадқиқот БМТ буюртмачи бўйича Gallup институти ва Оксфорд университети иштирокида ўтказилади.
“Жаҳон бахт рейтинги”нинг кучли бешлигида Финляндиядан кейин Дания, Исландия, Швеция ва Исроил жой олган. Германия, ўтган йилги натижаларидан фарқли ўлароқ, кучли йигирматаликдан чиқиб, 143 ўриндан 24-ўринни эгаллади. Қўшма Штатлар ундан атиги бир поғона юқорироқ.
Умуман олганда, дунёдаги энг бахтли ўнта давлат орасида аҳоли сони бўйича бирорта ҳам йирик давлат йўқ, дея таъкидлайди AFP агентлиги. Фақат Нидерландия (6-ўрин) ва Австралия (10-ўрин) 15 миллиондан ортиқ аҳолига эга.
Хельсинки университетидан Женнифер де Паоланинг фикрича, финларнинг ўз ҳаётларида бахтни идрок этиш даражаси юқорилиги финларнинг табиат билан айниқса яқин алоқада эканлиги, шунингдек, иш ва дам олиш ўртасидаги мувозанатни сақлаш қобилияти билан изоҳланади. Де Паола бошқа омилларни финларнинг ҳокимиятга юқори ишончи, шунингдек, эркинлик ва автономия ҳисси деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон эса Қозоғистон (49-ўрин), Қирғизистон (75-ўрин), Тожикистон (88-ўрин) ва Афғонистон (143-ўрин – охирги) каби барча яқин қўшниларини ортда қолдириб, 47-ўринни эгаллади. Туркманистон рўйхатда йўқ. Умуман олганда, ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда авлод қанча катта бўлса, шунчалик бахтли бўлади.
Шарҳлар