Тошкент ИИББ талабаларни ижарага уй олишда фирибгарлардан эҳтиёткор бўлишга чақирди
Тошкент шаҳар ИИББ талабаларни ижарага уй олишда фирибгарлардан эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Пойтахтга келиб, ижара уйларга жойлашаётган талабалардан ғаразли мақсадларда фойдаланаётганлар учрамоқда. Хусусан, фирибгарлар ижтимоий тармоқларда ёки эълонлар жойлаштириладиган илова ҳамда веб-сайтларда арзон нархларда ижарага уй таклиф қилишади. Агар унга қизиқиш билдирилса, фирибгарлар харидор кўплигини сабаб қилиб, уни банд қилиш учун олдиндан пул талаб қилишади.
“Барча фирибгарлар банк пластик карта рақамларини тақдим этганидан сўнг келишилган пулни ташлаб беришингизни сўрайди. Бу эса сизга қўйилган асосий тузоқдир. Яъни, сиз пул ўтказмасини амалга оширганингиздан сўнг уй эгасини ҳам, пулларингизни ҳам қайтиб кўрмайсиз”, — деди Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати ходими Шероз Муҳаммадов.
Бошқарма талабаларнинг фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликлари учун қуйидаги тавсияларга амал қилишни сўрамоқда:
- интернетда кўрган ҳар қандай эълонларга ишониб қолмаслик;
- уйни кўрмасдан олдин тўлов қилмаслик ва иложи бўлса, ишончли мутахассислар билан ишлаш;
- ижара шартномаси тузишга алоҳида эътибор бериш.
Шарҳлар