Юнусободда фирибгар телеграм орқали одамларнинг пулини ўзлаштирган

Фото: uzreport.news

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида яшовчи 33 ёшли Н.И. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 12.150.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида яшовчи 27 ёшли Х.Д. содир этганлиги аниқланган.

Хабарга кўра, «гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Х.Д. Интернет фойдаланувчиларига “Телеграм” мессенжери орқали турли хил мазмунидаги хабарни ҳавола билан жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали банк карталарида сақланган пулларни ўғирлаган».

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Д.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.