Тошкентда таҳлил марказларининг «Марказий Осиё – Хитой» IV форуми бўлиб ўтади

Фото: дунё

4 июнь куни Тошкентда «Умумий фаровонлик ва барқарор тараққиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик» мавзусида таҳлил марказларининг «Марказий Осиё  Хитой» IV форуми бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

«Форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил май ойида Сиань шаҳрида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари саммитида билдирилган ташаббусларини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда», – дейилади хабарда.

Тадбирда 20 та илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказлардан 40 дан ортиқ мутасадди ва экспертлар, ХХР ва Марказий Осиё мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этади.

Форумнинг кун тартиби ХХР ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатига оид масалалар, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, «яшил» энергетика ҳамда транспорт-логистика ва инновацион соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокамасини ўз ичига олади.

Форум якуни бўйича томонлар ўртасида ХХР ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг долзарб йўналишлари белгилаб олинади, шунингдек, янги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.