Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонга етиб келди

Фото: УзА

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.  Бу ҳақда УзА хабар беряпти.

«Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.  Савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади», – дейилади хабарда.  

Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокидаги қўшма бизнес форуми ишида ҳам иштирок этадилар.

Саммит якунида бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар ҳамда савдо-инвестициявий келишувлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон-Франция саммитида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига этиб борган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.