Франция ва Ўзбекистон ўртасида 6 млрд евродан ортиқ миқдорда келишувлар ва шартномалар имзоланди
22 ноябрь куни Париждаги Елисей саройида Ўзбекистон ва Франция президентларининг музокаралари бўлиб ўтди. Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик тадбирларининг якунлари, уларнинг доирасида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
«Хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди».
Етакчилар Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросига бағишлаб Лувр музейида “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” ва Араб дунёси институтида “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмалари очилишини мамнуният билан қайд этдилар.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти қайд этилди. Томонлар Самарқандда Франция альянсининг бўлинмаси очилишини қўллаб-қувватладилар ҳамда жорий йил 27-28 ноябрь кунлари Парижда иккинчи Ўзбекистон-Франция таълим форумининг ўтказилишини олқишладилар. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Шарҳлар