Францияда теракт уюштиришга уринишда гумон қилинган эркак қўлга олинди

Фото: thecyberexpress.com

Франция полицияси теракт уюштиришга уринишда гумон қилинган 62 ёшли мисрлик эркакни қўлга олди. Айтилишича, эркак Париждаги дунёга машҳур Нотр-Дам соборига ҳужум уюштиришни режалаштирган.

«Le Journal du Dimanche» ёзганидек, ҳибсга олиш 5 март куни бўлиб ўтган, бироқ бу ҳақда ҳозир маълум бўлган. Охирги бир неча ҳафта ичида терроризмда гумон қилинган беш киши ҳибсга олинди, деди Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманин. Барча гумонланувчилар ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадор бўлган.

Франция ҳукумати Пасха байрамларида террорчилик хавфининг энг юқори даражада бўлиши мумкинлигини эълон қилган. Полицияга мамлакатдаги ҳар бир черков олдига камида битта полициячи қўйишни тавсия қилинган.

Ўтган пайшанба куни ИШИД сўзловчиси Абу Ҳузайфа ал-Ансорий давом этаётган Рамазон ойида «ҳамма жойда насронийларга ҳам, яҳудийларга ҳам ҳужум қилиш»га чақирган.

2015 йилнинг ноябрида ИШИД террорчилари Франция пойтахтида Батаcлан концерт залида, шунингдек, ресторан ва барларда қатлиом уюштириб, 130 кишини ўлдирган, 680 дан ортиқ одамни яралаган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.