“FTV” ва бошқа каналларга нисбатан иш қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда бир қатор телеканаллар томонидан тақдим этилаётган рекламалар ҳажми кўплиги, реклама роликлари эфири узоқ вақт давом этиши юзасидан қолдирилган мурожаатлар кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Рақобат қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди.
Унга кўра, 3 та телеканалда, жумладан “FTV”, “Мулоқот” ва “Амударё” телеканаллари томонидан жорий йилнинг апрель-июл ойларида жойлаштирилган рекламалар ҳажми қонунчилик билан белгиланган меъёрлардан ортиқлиги ҳолатлари аниқланди.
Юқоридагиларга асосан, Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари юзасидан бир неча телеканалларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида: “Реклама тўғрисида”ги Қонунинг 27-моддасига мувофиқ, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан бошқа телеканаллар фаолияти бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда.
Рекламанинг турларини куннинг қайси вақтларида жойлаштириш ва жойлаштирмаслик масаласаниям кўтаришса бўларди.