Фуқароларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилади
Ўзбекистон президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади, унга кўра Солиқ кодексига қатор ўзгаришлар киритилмоқда.
Хусусан, Кодекснинг 99-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, Давлат солиқ қўмитаси солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни белгиланган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга ҳақли эканлиги белгиланди (бундан даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи мустасно).
Шунингдек, 100-моддага киритилган қўшимчага кўра, фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётган, солиқларни ўз вақтида тўлаган, аммо молиявий аҳволи солиқ қарзини муддатида тўлаш имкониятига эга бўлмаган манфаатдор шахсларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Кодекснинг 378-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасининг профессионал (касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар) ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган даромадлари солиққа тортилмайди (илгари ушбу имтиёз фақат олий таълим бўйича татбиқ этилган).
Шарҳлар