Фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштироки таъминланади
“Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 октябрдан:
🔹реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;
🔹ҳар йили “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
2025 йил 1 январдан белгиланган фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олиш талаб қилинади.
Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 сентябргача вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларида бир нафар раҳбар ўринбосари ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилиши бўйича масъул этиб белгиланади.
2025 йил 1 январдан:
🔹вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштирокини таъминлайди;
🔹вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бир нафар ходими сурдотаржимонлик курсларида ўқитилади.
2024 йил 1 октябрдан:
🔸шаҳар йўловчи транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бепул хизмат кўрсатилади;
🔸I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситаларини мослаштириш харажатларининг 50 фоизи (БҲМнинг 30 бараваригача бўлган миқдорда) қоплаб берилади.
Ижтимоий инспекция ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит ва тўсиқларсиз ҳаракат қилиш имкониятлари яратилганлигини назорат қилувчи ваколатли орган этиб белгиланди.
Шарҳлар