Жаҳон футболининг афсоналари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди

Фото: ЎзА

Юртимизда ўтаётган Ёшлар форуми доирасидаги тадбирларда қатнашаётган жаҳон футболининг ёрқин юлдузлари – Бразилия терма жамоасининг афсонавий дарвозабони Дида ва футболчи Сержиньо, Италия терма жамоасининг собиқ футболчилари Кристиан Пануччи ва Кристиан Заккардо Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бўлиб, мамлакатимиз олимпия ҳаракати билан яқиндан танишди, деб ёзади ЎзА.

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов футбол юлдузларига ўзбек спортининг шонли тарихи, Олимпия ўйинларида эришган натижалар ва «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, дунёга донғи кетган футболчилар мамлакатимизда спортга, хусусан футболга берилаётган эътибор, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга юқори баҳо берди.

Меҳмонлар Миллий олимпия қўмитасининг ташриф китобига самимий дил изҳорларини битди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.