Футзал бўйича ЖЧда ўйин келишилгани ҳақидаги шикоятлардан сўнг ФИФА Франция ва Эрон учрашувини текширишни бошлади
Халқаро футбол федерацияси футзал бўйича Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати доирасида Франция ва Эрон ўртасидаги ўйиннинг келишилгани ёки келишилмаганини аниқлаш мақсадида уни текширишни бошлади, деб ёзади ТАСС.
ФИФА ушбу учрашувга турнир иштирокчиларининг шикоятлари туфайли қизиқиш билдирган. « F» гуруҳи 3-туридан ўрин олган учрашув 4:1 ҳисобида Эрон фойдасига ҳал бўлган. Жамоаларнинг фикрича, Франция терма жамоаси сетканинг қулайроқ қисмига чиқиш ва жаҳон рейтинги етакчиси – Бразилия термаси билан учрашмаслик учун атайлаб мағлуб бўлган.
«Футзал бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этувчи жамоалар томонидан «F» гуруҳидан ўрин олган Франция ва Эрон ўртасидаги ўйин юзасидан берилган шикоятлардан хабардормиз. Жараён давом этар экан, бошқа изоҳ берилмайди», – дейилади ФИФА баёнотида.
Франция терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади ва 1/8 финалда Таиланд термаси билан учрашади. Эрон терма жамоаси квартетда биринчи бўлди, энди у Марокаш жамоасига қарши баҳс олиб боради. Агар эронликлар марокашликларни мағлуб этса, чорак финалда Бразилия билан учрашади.
Ўзбекистонда футзал бўйича жаҳон чемпионати 14 сентябрдан 6 октябргача бўлиб ўтади.
Шарҳлар