“Газпром” Ўзбекистонга газ етказиб беришни икки баравар оширди

Фото: IgorGolovniov / Shutterstock

“Газпром” Марказий Осиёдаги қаттиқ совуқлар фонида Ўзбекистон томонининг илтимосига кўра Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш ҳажмини оширди, деб ёзади “Интерфакс” Газпром бошқаруви раиси Алексей Миллернинг сўзларини келтириб.

Миллернинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда етказиб бериш ҳажми шартномада кўрсатилган ҳажмдан икки баравар кўп ва “Ўрта Осиё – Марказ”  ГТСнинг ушбу йўналишдаги максимал ўтказувчанлигига мос келади.

“Қиш мавсумида биз ҳамкорларимиз билан жуда конструктив ва қўшничиликда ишлаяпмиз. Декабр ойида Ўзбекистонга совуқлар келди ва ўзбекистонлик дўстларимиз, ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кундалик мажбуриятларимиздан икки баравар ортиқ ҳажмда оширишни сўрашди. Ҳозир эса декабрь ойида биз Ўзбекистонга “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали етказиб берилиши мумкин бўлган максимал техник ҳажмдаги газни етказиб беряпмиз”, — деган у.

Октябр ойида тескари режимга ўтган “Ўрта Осиё-Марказ” газ транспорти тизими орқали Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бошланди. “ЎзГазтрейд” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасидаги икки йиллик шартномада кунига 9 миллион куб метр ёки йилига қарийб 2,8 миллиард куб метр экспорт ҳажми кўзда тутилган.

Миллер газ қувури уч давлат – Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари томонидан фойдаланишга топширилганини эслатди.

“Сиз 7 октабрда ушбу газ қувурини очдингиз ва, албатта, Ўзбекистон учун «Ўрта Осиё – Марказ» газ қувури орқали тескари режимда газ етказиб бериш имконияти куз-қиш мавсумидан ўтишда жуда муҳим омил ҳисобланади”, — дея қўшимча қилган у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.