Ўзбекистон дунёда гендер тенглик соҳасида ривожланаётган 5 та мамлакат қаторига киритилди

Фото: xotin-qizlar qo`mitasi

Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда «Гендер тенглиги соҳасидаги сиёсатни такомиллаштириш бўйича Марказий Осиё онлайн-форуми» бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Жаҳон банки томонидан гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилган.

«Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат органлари, парламентлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, ўз мамлакатларидаги давлат органлари ва парламентлар томонидан турли соҳаларда гендер тенглигига эришиш бўйича амалга оширилаётган сиёсат, қонунчилик ва институционал чора-тадбирларни муҳокама қилди», – дейилади хабарда.

«Аёллар, бизнес ва қонун» индексининг 2024 йилда эълон қилинган ҳисоботида дунёнинг 190 та давлати орасида Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари ва оиладаги зўравонликка қарши кураш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар муваффақиятли деб топилган ва  Ўзбекистон бу борада яхши натижаларга эришгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган.

Форум якунлари бўйича Жаҳон банки миллий ҳокимият органларига гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини янада ривожлантириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган ҳисобот тайёрлаган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.