Германия Президенти муддатдан олдин сайлов ўтказмоқчи

Foto: www.dw.com/

Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмаер Бундестагни тарқатишга ва март ойида муддатдан олдин сайловлар ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Берлин шаҳридаги Белвю Президент саройида ўз чиқишида айтиб ўтди.

Федерал президент сифатида Штайнмаер Бундестагни тарқатиш қарорини қабул қилиши керак. Унинг сўзларига кўра, Германияда барқарор ҳукумат бўлишини таъминлаш жуда муҳим. Штайнмаер мамлакатни бошқариш учун барқарор кўпчилик ва ҳаракатга қодир ҳукумат зарурлигини таъкидлаб, «Ҳозир тактик ўйинлар эмас, балки масъулият ва мантиқ вақти,» деб айтди

У, шунингдек, ҳукмрон «светофор коалицияси»нинг – Германия Социал-демократик партияси (СПД), Эркин демократлар партияси (ФДП) ва «Яшиллар» иттифоқининг парчаланишини сиёсий инқироз сифатида қабул қилиш, аммо уни енгиб ўтиш зарурлигини таъкидлади. Штайнмаер коалиция парчаланишини “дунёнинг охири эмас” деб атади.

Канцлер Олаф Шолс 15-январда Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч вотумини қўяди. У Германия келажакдаги сиёсий йўналишини аниқлаш учун тезкорлик зарурлигини айтди ва янги йилга қадар парламентда муҳим қонун лойиҳаларини, жумладан, саноатга фавқулодда ёрдам ва пенсияларни барқарорлаштириш чораларини овозга қўйишни режалаштирмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.